Ўзбекистонда фасол экилган майдонлар кенгаймоқда

2022 йил ҳосили учун республика ҳудудларида 330,5 минг гектардан ортиқ майдонларга дуккакли дон экинлари экилган бўлиб, шундан 35,8 минг гектари (11%) фасол экини улушига тўғри келади

2022 йил ҳосили учун республика ҳудудларида 330,5 минг гектардан ортиқ майдонларга дуккакли дон экинлари экилган бўлиб, шундан 35,8 минг гектари (11%) фасол экини улушига тўғри келади

 

 

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан маълум қилинишича, бу ўтган йилга нисбатан 5,9 минг гектарга кўпдир.

Фасол асосий экин сифатида 5,1 минг гектар ва такрорий экин сифатида 24,5 минг гектар майдонга ҳамда 6,1 минг гектар боғ қатор ораларига экилган. Бугунги кунда Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан парвариш қилинмоқда.

Фасол экинининг ўсув даври қисқа, эрта пишарлиги сабабли республикамиз шароитида бир йилда икки марта ҳосил етиштириш имконияти мавжуд. Жумладан, уни эрта баҳорда асосий экин сифатида ва кузги бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экиш тавсия этилади.  

Дуккакли дон экини ҳисобланган фасол тўйимли, лаззатли озиқ-овқат маҳсулотидир. Унинг уруғи ва пишмаган дуккаклари пишириб истеъмол қилинади, шунингдек, консерва саноатида ҳам ишлатилади. Фасол бошқа ловия турларига қараганда калорияси даражаси ва уруғ таркибидаги оқсил миқдори юқорироқлиги билан ажралиб туради.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги