Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар

30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат мустақиллигининг 30-йиллиги билан бир бирини дилдан қутлаб, биродар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида аниқ кооперация лойиҳаларини, шунингдек, туризм ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш мақсадида ҳукуматлар даражасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

Президентлар, шунингдек, минтақа кун тартибидаги, шу жумладан қўшни Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.