Ўзбекистон Республикаси Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси 2021 йил натижаларига кўра 94 ўринга кўтарилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноат Ривожланиши Ташкилоти (UNIDO) томонидан чоп этиладиган “Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси 2021” (Competitive Industrial Performance Index) йиллик мамлакат ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси 94 ўринни эгаллаган ҳолда ўтган йилга нисбатан ўз ўрнини 1 поғонага яхшилади ҳамда ўртача паст квитал давлатлар қаторида қолди.

Ўзбекистон Республикаси 2021 йилги натижасида 152 та мамлакатлар орасида 0,017 индекси (сўнгги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон кўрсаткичи +0,001 га яхшиланди) билан 94 ўринни эгаллаб,1 та поғонага кўтарилган. Шунингдек, рейтингнинг минтақавий тақсимотига кўра Ўзбекистон Марказий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари қаторидан ўрин олиб, 22 та давлат орасидан 11 ўринни эгаллади ва ўтган йилга нисбатан ўрнини 2 та ўринга яхшилади.

Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, индекснинг охирги ҳисоботига кўра Ўзбекистон 8 та индикаторнинг 5 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, шу билан 2 та индикаторда пасайган ва 1 таси бўйича кўрсаткичлар ўзгармаган.
 
Ўзбекистон Республикасининг Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси таркибий кўрсаткичларнинг 2018 ва 2019 йиллардаги қиёслама жадвали
Индекс методологиясига асосан 2021 йил учун ҳисобот натижалари 2019 йил ҳамда 2020 йил учун ҳисобот натижалари 2018 йил маълумотларига асосан шакллантирилган. Дунё рейтингининг юқори бешлигидан Германия (0,460), Хитой (0,386), АҚШ (0,353), Япония (0,352) ҳамда Корея Республикаси (0,347) давлатлари ўрин эгаллаган.
 
Шунингдек, МДҲ давлатлар орасида Ўзбекистон Россия, Беларус, Қозоғистон ва Украинадан кейин 5 ўринни эгаллаган. Индекс ҳисоботи бўйича ҳавола: https://stat.unido.org/cip/
 
Индексни юритувчи ташкилот (УНИДО) томонидан ўтган йиллардаги индекс кўрсаткичлари методологик ўзгаришларга мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилинган ва бу давлатларнинг индексдаги рейтинг ўрни ҳамда кўрсаткичларига таъсир ўтказган.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги