Стратегик шерикликнинг янги даври

Ҳозирги вақтда Туркия Ўзбекистоннинг энг етакчи ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Туркия Ўзбекистоннинг энг етакчи ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Агар 2016 йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Айни пайтда Ўзбекистонда Туркия сармоялари иштирокида 1300дан ортиқ корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга дастлабки институционал асослар кучайтирилди.

Хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти фаоллашди. Шунингдек, халқаро автомобил ташувлари масалалари бўйича комиссия самарали фаолият юритиб келмоқда.

Турли лойиҳаларни молиялаштиришда 1993 йилда иш бошлаган Туркия тараққиёт ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг ўрни айниқса юқори бўлмоқда ва ҳозирга қадар 50 миллион АҚШ долларидан ортиқ лойиҳаларни молиялаштиришга муваффақ бўлди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил октябрда Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Рифат Хисарчикли ўғлининг юртимизга ташрифи ва Туркий кенгашга аъзо давлатлар ишбилармонлар кенгаши ва биринчи инвестиция форумида иштироки икки давлат ўртасида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун муҳим қадамлардан бири бўлди.

Туркиядан мамлакатимизга инвестициялар ҳажми ва кўлами тобора ортиб бормоқда.

Туризм соҳасида ҳам икки томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Туркия Буюк миллат мажлиси собиқ депутати, сайёҳлик бўйича катта тажрибага эга Содиқ Бадакнинг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маслаҳатчиси сифатида фаолият юритаётгани ҳам катта аҳамиятга эгадир.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳафтасига 34 маротаба ҳаво қатновлари (ўсиш 42 фоиз) амалга оширилаётгани ҳам халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг чуқурлашиб бораётганидан далолат беради.

Ўтган йили 150 минг нафар ўзбекистонлик Туркияга, 64 минг нафар туркияликлар ўз “Ота юрти”га сафар қилди.

2019 йил декабрда Тошкентда Туркия тиббиёт вазири Фахреттин Кожа иштирокида Соғлиқни сақлаш форуми ва “Саломатлик ҳафталиги” самарали бўлиб ўтди. Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институтида қўшма халқаро факультет иш бошлагани айниқса қувонарлидир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Турк тилини ўрганиш маркази фаолияти йўлга қўйилгани қардош халқларимизни бирдек мамнун қилади. Туркий Кенгаш томонидан 2020 йилда “Хива – Туркий дунё маданий пойтахти” деб эълон қилиниши ҳам барчамизни чексиз қувонтирди.

Жорий йилнинг июнь ойида Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон кино ҳафталиги ва маданияти кунлари ўтказилишининг режалаштирилаётгани икки халқнинг чинакам маънавият байрамига айланиши шубҳасиздир.

Президентимизнинг 19-20 февралдаги Туркияга олий даражадаги ташрифлари, Режеп Таййип Эрдоған билан ўтказган очиқ ва сермаҳсул учрашувлари бежизга халқаро ҳамжамият томонидан стратегик шерикликнинг мутлақо янги даври деб баҳоланаётгани йўқ. Бунда чуқур рамзий маъно бор.

Давлатимиз раҳбарининг нафақат Туркияда, балки бутун дунёда катта салоҳиятга ва ўз ўрнига эга турк ишбилармон доира вакиллари билан шахсан учрашуви, ташриф давомида эса 1 миллиард долларга тенг янги қўшма лойиҳаларнинг имзоланиши фақат халқимиз фаровонлиги ва равнақига хизмат қилишга қаратилгандир.

Ҳақиқатдан ҳам Юрбошимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб боришга бўлган юксак сиёсий иродаси замирида тарихий, тил ва дин нуқтаи назардан муштарак бўлган турк халқи билан алоқаларимизнинг чуқурлашуви қардош элларнинг муштарак манфаатлари тўла мос келадиган ижобий жараёндир.

ЎзА