Махсус иқтисодий зона қанча муддатга ташкил этилади?

Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

 

Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.
Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган мазкур қонунда инвестор, инвестиция лойиҳаси, махсус иқтисодий зона, махсус ҳуқуқий режим, махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестри, махсус иқтисодий зонанинг бош режаси каби таянч тушунчалар жорий этилган.
 
Вазирлар Маҳкамаси ва ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгиланган.
 
Қонунга мувофиқ, махсус иқтисодий зонани ривожлантириш қуйидагиларни ўз ичига олган дастурга мувофиқ амалга оширилади:
 
— ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишни;
 
— муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини таъминлашни;
 
— бозор инфратузилмасини яратишни;
 
— махсус иқтисодий зонанинг фаолият бўйича ва соҳавий ихтисослашувига мувофиқ чет эл инвестицияларини ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари комплексини.
 
Қонунда белгиланганидек, махсус иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини молиявий таъминлаш зонанинг ўз ресурслари, хусусий манбалар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, халқаро молия институтлари ва чет эл ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
 
Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилиши ҳам назарда тутилмоқда.
 
Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:
 
— эркин иқтисодий зоналар;
 
— махсус илмий-технологик зоналар;
 
— туристик-рекреацион зоналар;
 
— эркин савдо зоналари;
 
— махсус саноат зоналари.
 
Шунингдек, қонунда махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир умумий талаблар, шунингдек махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир алоҳида талаблар, махсус илмий-технологик зона, туристик-рекреацион зона белгиланган.
 
Махсус иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан 30 йил муддатга ташкил этилиши ҳам қонунда акс эттирилган. Махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади.
 
Қонунда махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми, махсус божхона режими ҳам белгиланган. Шунингдек, инвесторлар амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган.
 
Давлат бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида ташаббус билан таклиф киритиши мумкин.
 
ЎзА