Бошқарманинг асосий вазифалари ва функциялари

Бош бошқарманинг асосий вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиши даражасини тизимли таҳлил қилиш, ҳудуднинг минерал-хом ашё, меҳнат ва ишлаб чиқариш захиралари ва  салоҳиятини ишлаб чиқаришга жалб қилинмаганлик билан боғлиқ мавжуд номутаносибликларни аниқлаш;

мамлакатнинг ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиши истиқболли устувор стратегик йўналишлари, узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлар ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тузилмавий ўзгартиришлар, иқтисодиёт тузилмасини диверсификация килиш дастурлари асосида ҳудуднинг саноат салоҳиятини ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

муҳандислик, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш,
уй-жой коммунал хизматлари кўрсатиш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, аҳолини сифатли ичимлик суви ва санитария тизимлари билан таъминлаш, шунингдек, ҳудудий бошқарувнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини мақбул жойлаштириш, аграр секторда тузилмавий ўзгартиришлар, қишлоқ хўжалик хом ашёсини чуқур қайта ишлаш соҳаларини чуқур таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудуд аҳолисининг демографик жараёнлари ва жинс, ёш таркиби, уларнинг бандлик даражаси ва тузилмаси таҳлили, шу асосда ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳисобига иш билан таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, яшаш шароитларини яхшилаш, тиббий, таълим ва ижтимоий-маданий хизматлар кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда вазирликлар ва идораларнинг, хўжалик бошқаруви органларининг барча ҳудудий бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш;

кичик саноат зоналарини уларнинг ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш юзасидан фаолиятини мувофиқлаштириш.

Бош бошқарма ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) макроиқтисодий кўрсаткичларни тизимли таҳлил қилиш ва режалаштириш соҳасида:

ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилишни амалга ошириш;

мавжуд бўлган номутаносибликлар, захиралар ва ишлаб чиқаришга жалб қилинмаган минерал-хом ашё ресурслар, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлаш ишларини олиб бориш;

мамлакатни ривожлантириш мақсадлари ва устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ҳудудлар иқтисодиёти ва саноатини ислоҳ қилиш, барқарор ва мувозанатли ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудни комплекс ривожлантириш, шунингдек ҳудудлар иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, диверсификация қилишни чуқурлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш;

ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар ва кўрсаткичлар прогнозларининг бажарилиши бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

б) саноат ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш соҳасида:

рақобатбардош саноат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни, шу жумладан маҳаллийлаштиришни таъминлайдиган индустриал сиёсатнинг асосий йўналишлари ва усулларини комплекс тизимли таҳлил қилиш;

ҳудудларнинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, минерал хом ашё ресурсларини саноат асосида янада чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришни яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариладиган, жумладан маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва ассортиментини кенгайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

ҳудудий ривожланиш дастурларининг саноат салоҳияти қисмини шакллантириш ва уларни амалга ошириш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш устидан доимий мониторингни амалга ошириш;

давлат, инвестиция ҳамда саноатни ривожлантириш, шу жумладан уларни илғор ресурс тежамкор ва энергия самарадор технологиялар асосида модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича дастурларига киритиш учун маҳаллийлаштириладиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳудудларда саноат соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Рсспубликаси Президенти ва Хукуматининг қарорлари, шу жумладан ҳудудий ривожланиш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш дастурлари бажарилишини доимий таҳлил қилиш ва мониторингини амалга ошириш;

саноатда фойдаланишга қайга тикланадиган, шу жумладан муқобил ва паст сифатли ёқилғиларни ишлатадиган энергия манбаларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудуд саноатининг ривожланиши, жумладан маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

в) ишлаб чиқариш, муҳандислик, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда замонавий АКТни жорий қилиш соҳасида:

ҳудуднинг қурилиш комплекси, йўл-транспорт ва коммуникациялари ҳамда ижтимоий инфратузилмаси ривожланишини комплекс ва тизимли таҳлил қилиш;

ҳудудларда ишлаб чиқариш, йўл-транспорт, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳудудий инвестиция дастурлари, инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ижроси устидан доимий мониторингни амалга ошириш;

ишлаб чиқариш, йўл-транспорт, коммуникациялар ва ижтимоий инфратузилмани, жумладан коммунал соҳани (сув таъминоти, канализация, иссиқлик манбаи, санитар тозалов) ривожлантириш дастурларига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш:

қурилиш комплекси, ишлаб чиқариш, йўл-транспорт, коммуникациялар ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича дастурларни амалга ошириш натижалари ҳақида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

ҳудудларда иқтисодий органлар фаолиятига ахборот хавфсизлигини таъминлаган ҳолда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

г) қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида:

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини мақбул жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришда қўшимча захираларни аниқлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳудудларнинг аграр секторида тузилмавий ўзгартиришлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишлари ва истиқбол кўрсаткичлари, шунингдек қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

д) ижтимоий ривожлантириш, демография, аҳоли бандлиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишида:

ҳудудлар демографик жараёнлари, аҳоли бандлик даражаси ва тузилмаси, аҳоли турмуш даражаси, хизмат кўрсатиш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳалари ривожланишини тизимли таҳлил қилиш;

аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, аҳоли даромадлари ўсишини ва харид қобилиятини оширишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолига соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий маданий хизматлар кўрсатиш, аҳолининг алоҳида қатламларини манзилли ҳимоя қилиш ва қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

меҳнат бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, демографик омиллар ва ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши истиқболлари асосида аҳолини иш билан банд қилишнинг прогрессив шаклларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантириш, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини оширишни таъминлаш, хизмат ва туризм соҳасини ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижалари бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

е) вазирликлар ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

макроиқтисодий сиёсат, иқтисодий ва ижтимоий режалаштириш, мамлакатни ижтимоий-иктисодий мувозанатли ривожлантириш ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасида вазирликлар ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ривожлантириш дастурлари, инвестиция дастурлари, саноатни ривожлантириш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари, шунингдек инвестиция лойиҳалари бажарилишини ўрганиш ва тизимли мониторинг ўтказиш;

вазирликлар ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг давлат ривожлантириш дастурлари, инвестиция дастурлари, саноатни ривожлантириш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши жараёнида ўзаро самарали фаолиятини ташкил қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ж) кичик саноат зоналарини мувофиқлаштириш соҳасида:

кичик саноат зоналари ҳудудида жойлаштириш учун уларнинг маъмурий кенгаши қарорларига асосан тақдим этилган инвестиция лойиҳаларини танлаш бўйича танлов амалга оширилиши устидан мониторинг ўрнатиш;

кичик саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, шу жумладан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш устидан мониторинг ўрнатиш ва мавжуд муаммоларни  бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

кичик саноат зоналари жозибадорлигини ошириш ва иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритиш.